Centrum Air Тошкентдан Ҳайдарободга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Centrum Air авиакомпанияси 28 сентябрдан Тошкент ва Ҳайдаробод шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновларни йўлга қўяди. Янги йўналиш бўйича парвозлар ҳафтасига икки марта — душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси хабар берди.
Янги авиайўналиш Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги транспорт қатновини кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасида сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган.
Тўғридан-тўғри рейслар Ҳиндистон жанубидаги йирик шаҳарлардан сайёҳларнинг Тошкентга янада қулай етиб келишини таъминлайди. Янги йўналишнинг ишга туширилиши сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳайдаробод Ҳиндистон жанубидаги йирик шаҳар ва Телангана штати пойтахти ҳисобланади. Шаҳар мамлакатнинг технологик марказларидан бири сифатида танилган бўлиб, унинг тарихий меъморчилиги замонавий бизнес ва IT инфратузилмаси билан уйғунлашган.
Тошкент ва Ҳайдаробод ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги сайёҳлик, ишбилармонлик ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.