Иқтисод

Самарқанд вилоятида 374,9 млрд сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилди

Самарқанд вилоятида 374,9 млрд сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилди
Самарқанд вилоятида 374,9 млрд сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилди / Фото: Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд шаҳрида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан хусусийлаштириш якунлари ва давлат мулкини сотиб олишнинг янги имкониятларига бағишланган Roadshow тадбири ўтказилди. Унда 280 нафардан ортиқ тадбиркор, инвестор ва давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда агентликнинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Акрам Эгамов 2026 йилда ҳудудда амалга оширилган хусусийлаштириш ишлари натижаларини тақдим этди.

Ҳисобот даврида илгари фуқаролар ва тадбиркорларнинг доимий фойдаланишида, ижарасида ҳамда умрбод эгалигида бўлган, умумий майдони 22,4 гектарни ташкил этувчи 193 та ер участкаси хусусийлаштирилди. Ушбу битимларнинг умумий қиймати 4,3 млрд сўмни ташкил этди.

Шунингдек, умумий қиймати 736 млрд сўм бўлган 99 та давлат активи савдога чиқарилди. Улардан 73 таси 374,9 млрд сўмга сотилди. Айни пайтда аукционларда умумий қиймати 495,5 млрд сўм бўлган яна 62 та давлат активи таклиф этилмоқда.

2026 йилда электрон онлайн-аукционлар орқали умумий майдони 391,2 гектар бўлган 807 та ер участкаси сотилди. Ҳозирда яна 635 гектар ер савдога қўйилган.

Roadshow иштирокчиларига Ўзбекистон Президентининг ПФ-177-сон фармонида назарда тутилган хусусийлаштириш механизмлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда харидорлар объект қийматининг 15 фоизини дастлабки тўлов сифатида тўлашлари, қолган суммани эса белгиланган шартлар асосида фоизсиз бўлиб тўлашлари мумкин.

Тадбир ташкилотчилари амалдаги хусусийлаштириш тартиб-таомиллари, электрон аукционларда иштирок этиш қоидалари ва давлат мулки объектларидан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фойдаланиш имкониятларини тақдим этди.

Roadshow тадбири олтинчи йилдирки, кетма-кет ўтказилмоқда. У тадбиркорлар ва инвесторларни мавжуд давлат активлари ҳамда уларни сотиб олиш шартлари тўғрисида хабардор қилишга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.