Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири маслаҳатчиси Азизбек Исоев Хитойнинг China Southern Power Grid Industrial Development Group компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда электромобиллар учун замонавий қувватлаш станциялари тармоғини ривожлантириш, хусусан, Тошкент–Хоразм йўналиши бўйлаб тегишли инфратузилмани барпо этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, қувватлаш ускуналарини маҳаллийлаштириш, сервис инфратузилмасини ривожлантириш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар аниқ лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича амалий ишларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.