Иқтисод

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Сербия ва Малайзияга экспорт имкониятлари муҳокама қилинди

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Сербия ва Малайзияга экспорт имкониятлари муҳокама қилинди
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Сербия ва Малайзияга экспорт имкониятлари муҳокама қилинди / Фото: Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 сентябрь куни Тошкент давлат аграр университетида вазирлик марказий аппарати ходимлари учун навбатдаги «Касбий маърифат соати» ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Тадбирда қишлоқ хўжалиги вазири котибияти раҳбари Шамшод Эргашев «Янги очилаётган халқаро бозорлар: Сербия ва Малайзия мисолида» мавзусида маъруза қилди.

Маъруза давомида Сербия ва Малайзия бозорларининг ўзига хос хусусиятлари, ушбу давлатлар билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Халқаро бозорларда талабни ўрганиш, маҳсулотларни ташқи бозорлар талабларига мослаштириш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти географиясини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маъруза давомида янги бозорларни ўзлаштириш, экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда халқаро ҳамкорликнинг роли юзасидан фикрлар билдирилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган спорт мусобақаларини ўтказишда кўмаклашган ходимларга ташаккурномалар топширилди.

Қайд этилишича, спорт мусобақаларини ташкил этиш жамоада ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва фаол жамоавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.