Иқтисод

Тошкент вилояти Feihe Group билан лойиҳаларни муҳокама қилди

Тошкент вилояти Feihe Group билан лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент вилояти Feihe Group билан лойиҳаларни муҳокама қилди / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ва Хитойнинг Feihe Group компанияси сут ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳудудга инвестициялар жалб этиш истиқболларини муҳокама қилди. Бу Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг компания вакиллари билан учрашуви якунлари бўйича маълум бўлди.

Томонлар асосий эътиборни сут ишлаб чиқариш ва уни чуқур қайта ишлаш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, чорвачиликка инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалаларига қаратди.

Feihe Group қуруқ сут маҳсулотлари, жумладан, болалар учун қуруқ сут аралашмаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Компания хомашё базасини шакллантиришдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни қамраб олган ишлаб чиқариш циклидан фойдаланади.

Айни вақтда компания тасарруфида 14 та замонавий завод ва 15 та фермер хўжалиги мавжуд. Унинг ишлаб чиқариш базаси 150 мингдан ортиқ қорамол ва 67 минг гектар ихтисослаштирилган қишлоқ хўжалиги ерларини қамраб олади.

Учрашув давомида Feihe Group’нинг ишлаб чиқариш тажрибаси ва технологик ечимларини Тошкент вилоятида қўллаш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни шакллантириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ҳудуд иқтисодиётига илғор технологиялар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича музокаралар давом этмоқда.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.