Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ва Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинцияси соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Ўзбекистон делегациясининг Кёнгидога ташрифи доирасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва провинциянинг етакчи тиббий муассасалари ўртасида ҳамкорлик бўйича учта меморандум имзоланди.
Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Султонбеков бошчилигидаги делегация 7–11 сентябрь кунлари Кёнгидода бўлди. Ташриф давомида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими вакиллари замонавий тиббий муассасалар тажрибасини ўрганиб, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.
Делегация Сент-Винсент госпитали, Корё университетининг Ансан госпитали, Сихва тиббиёт маркази ҳамда тиббий ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган марказларга ташриф буюрди.
Ўрганилган йўналишлар қаторида сунъий интеллект ва интеллектуал тиббиёт, роботлаштирилган онкология, замонавий диагностика, юрак-қон томир касалликларини даволаш, тиббий технологиялар ва мутахассислар тайёрлаш масалалари бўлди.
«Кёнгидо — Ўзбекистон» бизнес-форумида Тошкент вилоятидаги Нурафшон тиббий кластери концепцияси тақдим этилди. Шунингдек, иштирокчилар Жанубий Корея тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилди.
«Кёнгидо — Ўзбекистон тиббиёти истиқболлари» форуми доирасида Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Кёнгидо провинциясининг етакчи тиббий муассасалари ўзаро ҳамкорлик бўйича учта меморандумни имзолади.
Келишувлар Нурафшон шаҳридаги Кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Бундан ташқари, ўзбекистонлик мутахассисларни Кёнгидонинг етакчи тиббий муассасаларида нейрохирургия, кардиохирургия, неонатал хирургия, трансплантология, ангиохирургия, умуртқа ва бўғимларни протезлаш, шунингдек, онкология йўналишларида бепул малака ошириш дастурларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Томонлар, шунингдек, Тошкент вилоятида кореялик мутахассислар иштирокида ўрта тиббиёт ходимлари учун сайёр ўқув курсларини ўтказишга келишиб олди.
Бундан ташқари, 2027 йилда ҳудудда Кёнгидо провинциясининг етакчи тиббий муассасалари профессорлари иштирокида илмий-амалий конференция ўтказиш режалаштирилмоқда.