Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миграция агентлиги делегацияси Сеулда халқаро пул ўтказмалари хизматларини кўрсатувчи Жанубий Кореянинг HANPASS компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Томонлар ҳамкорликни ривожлантириш ва Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари учун пул ўтказмаларини янада қулайлаштириш бўйича шарт-шароитлар яратишга келишиб олди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
HANPASS халқаро пул ўтказмалари ва бошқа молиявий хизматларни тақдим этади. Компания платформаси орқали дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатига пул ўтказиш мумкин. Унинг хизматларидан фойдаланувчилар сони 1 миллиондан ошади.
Музокаралар давомида Миграция агентлиги вакиллари Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар учун пул ўтказмаларини янада қулай ва хавфсиз қилишни, шунингдек, улар учун манфаатли шартлар ва махсус хизмат пакетларини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Учрашув иштирокчилари молиявий хавфсизлик соҳасидаги замонавий ечимларни ҳам муҳокама қилди. Молиявий операцияларни амалга ошириш жараёнида фирибгарлик ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш имконини берувчи технологияларга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунлари бўйича Миграция агентлиги ва HANPASS ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида келишув имзолади.