Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сенати чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Унга кўра, махсус йиғим тўлаган хорижий фуқаролар Ўзбекистондан ташқаридаги манбалардан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод этилади.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ҳужжат Сенатнинг 21-ялпи мажлисида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Қонунга мувофиқ, махсус йиғимни тўлаган чет эл фуқаролари Ўзбекистондан ташқаридаги манбалардан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади. Ушбу йиғимдан тушган маблағлар Давлат бюджетига йўналтирилади.
Ҳужжатда дуал таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлашда иштирок этадиган саноат корхоналари учун солиқ имтиёзлари ҳам назарда тутилган.
Бундай корхоналар дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари бўйича ижтимоий солиқни белгиланган ставкага нисбатан икки баравар паст ставкада тўлайди.
Муҳокама давомида сенаторлар янги нормалар инвестиция муҳитини яхшилаш, хорижий капитални жалб қилиш ва чет эллик мутахассисларнинг Ўзбекистонга келишини рағбатлантиришга қаратилганини таъкидлади.
Кўзда тутилган чоралар дуал таълимни ривожлантириш ва иқтисодиёт тармоқлари учун малакали кадрлар тайёрлашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.