7
Молия

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти учун имтиёзли кредитлашни хавф деб атади

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти учун имтиёзли кредитлашни хавф деб атади
ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти учун имтиёзли кредитлашни хавф деб атади / Фото: ХВЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) директив ва имтиёзли кредитлаш кўламини кенгайтириш бўйича босимни Ўзбекистон иқтисодиёти учун ички хавфлардан бири деб ҳисоблайди. Жамғарма 2027 йилда мамлакатдаги ушбу амалиёт ва фоиз ставкаларига бағишланган алоҳида тадқиқотни эълон қилишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда ХВЖнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе Марказий банкда бўлиб ўтган минтақавий иқтисодий прогноз тақдимотида маълум қилди.

Иқтисодий прогноз учун мавжуд хавфларни санаб ўтар экан, Гвенетадзе уларни ташқи ва ички омилларга ажратди. Биринчи гуруҳга жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик, геосиёсий вазият ва хомашё нархларининг ўзгарувчанлигини киритди.

Жамғарма вакили ички омиллар қаторида давлат даромадлари режадан ортиқ бажарилган тақдирда, жумладан, олтиндан тушадиган даромадлар ҳисобига давлат харажатларининг проциклик тарзда оширилиши хавфини қайд этди. У, шунингдек, директив ва имтиёзли кредитлаш дастурларини кенгайтириш бўйича босим юзага келиши мумкинлигини ҳам хавфлардан бири сифатида баҳолади.

2027 йилда иккита тадқиқот эълон қилинади

ХВЖ Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсатига бағишланган иккита таҳлилий лойиҳа устида ишламоқда. Уларнинг бири фоиз ставкаларига, иккинчиси эса директив кредитлаш амалиётига бағишланади.

«Биз Ўзбекистондаги фоиз ставкалари ва шу билан бир вақтда директив кредитлаш масаласи бўйича лойиҳа устида ишлаяпмиз», — деди Гвенетадзе.

Унинг сўзларига кўра, ҳар икки тадқиқот натижаларини 2027 йилда эълон қилиш режалаштирилган.

Директив кредитлаш давлат қарорлари асосида имтиёзли шартларда кредитлар ажратилишини назарда тутади. Бундай кредитлар қарз маблағларининг бозор қийматини акс эттирмайдиган фоиз ставкалари бўйича берилиши мумкин.

Бу пул-кредит сиёсати механизмининг ишлашига таъсир кўрсатади: Марказий банкнинг асосий ставка бўйича қарорлари иқтисодиётдаги кредитлар қийматига тўлиқ таъсир ўтказмайди.

ХВЖ таъкидлашича, Ўзбекистон пул-кредит сиёсатининг трансмиссион механизмини кучайтириш борасидаги ишларни давом эттирмоқда.

Марказий банк 2025 йил март ойидан буён асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб келмоқда.

Жамғарманинг минтақавий ҳисоботида, шунингдек, Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган нисбатан кичик ва чуқурлиги чекланган кредит бозорлари келгусидаги ташқи шокларнинг инфляцияга таъсирини кучайтириши мумкинлиги қайд этилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.