Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Ўмоннинг Al Tasnim Group компанияси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда аграр секторга инвестициялар киритиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг компания раҳбарияти билан учрашуви Масқат шаҳрида бўлиб ўтди. Музокараларда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳам иштирок этди.
Al Tasnim Group томонидан учрашувда директорлар кенгаши раиси ва бошқарув директори Деваки Ҳимжи, шунингдек, ижрочи директор Фаррох Масани қатнашди.
Томонлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Ўмон бозорига етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди. Таклифлар қаторида қуритилган мевалар, ёнғоқлар, ун ва макарон маҳсулотлари экспортини ошириш масалалари ҳам бор.
Шунингдек, шартномавий фермерлик асосида Ўмон бозори учун мева ва резаворлар етиштириш масаласи муҳокама қилинди. Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши Ўзбекистоннинг яйлов имкониятларидан фойдаланган ҳолда қизил гўшт ишлаб чиқариш бўлиши мумкин.
Музокара иштирокчилари Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, органик ўғитлар ишлаб чиқариш, балиқчиликни ривожлантириш ва денгиз маҳсулотлари етказиб беришни ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, томонлар «Ўзбекистон — Ўмон: озиқ-овқат савати» ташаббусини яратиш бўйича фикр алмашди. Ушбу ташаббус етказиб бериладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш ва муқобил логистика йўналишларидан фойдаланишни назарда тутади.
Учрашувдан сўнг, Al Tasnim Group раҳбарияти истиқболли лойиҳаларни жойида ўрганиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилинди.