Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг Yooshin Engineering Corporation компанияси замонавий аэропорт инфратузилмаси соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. Хусусан, компаниянинг тажрибаси ва мутахассисларини янги «Тошкент» халқаро аэропорти лойиҳасини амалга оширишга жалб этиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Ҳамкорлик масаласини Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 13 сентябрь куни Сеулда Yooshin Engineering Corporation бошқарув раиси Чон Гён Су билан муҳокама қилди. Учрашув «Марказий Осиё — Корея Республикаси» саммити доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар Жанубий Корея корпорациясининг Инчхон халқаро аэропортини қуриш жараёнида тўплаган кўп йиллик тажрибасидан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.
Yooshin Engineering Corporation’нинг юқори малакали мутахассисларини янги «Тошкент» халқаро аэропорти лойиҳасини амалга оширишга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Ўзбекистонда замонавий аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди.