Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазири Б. Исломов 9 сентябрь куни Mangold Consulting GmbH компанияси раиси Клаус Мангольд бошчилигидаги Германия делегацияси билан учрашув ўтказди. Музокараларда вазирликнинг масъул ходимлари ҳам иштирок этди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон технологик металлар комбинати вакиллари корхона фаолияти, унинг жорий ишлаб чиқариш имкониятлари, шунингдек, стратегик минерал ресурсларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот ўтказди.
Шундан сўнг Mercedes-Benz AG вакиллари «Ўзбекистон–Германия хомашё диалоги» мавзусида маъруза тақдим этди. Учрашув иштирокчилари саноат соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистоннинг минерал-хомашё салоҳияти ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.
Томонлар ўртасида технологик ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича тоғ-кон саноати ва стратегик хомашё ресурслари соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди. Томонлар истиқболли йўналишларни биргаликда ўрганиш ва мулоқотни давом эттиришга ҳам келишиб олди.