UzAuto Motors Chevrolet Equinox PHEV сотувини бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — UzAuto Motors Ўзбекистонда Chevrolet Equinox PHEV гибрид кроссоверини сотишни бошлаганини маълум қилди. Компания ушбу моделни маҳаллий бозорда тақдим этилган биринчи Chevrolet плаги-ин гибриди сифатида атаган. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Автомобиль икки хил комплектацияда — Activ 80KM ва Activ 120KM версияларида мавжуд.
Chevrolet Equinox PHEV Plug-in Hybrid Electric Vehicle (PHEV) тизими билан жиҳозланган бўлиб, аккумуляторни ташқи электр тармоғидан қувватлаш имконини беради. Бу кундалик сафарларни асосан электр қувватида амалга ошириш имконини берса, бензин двигатели узоқ масофали сафарларда қўшимча юриш захирасини таъминлайди.
Комплектацияга қараб, кроссовер сиғими 17 ёки 24 кВт·соат бўлган литий-темир-фосфат аккумулятор батареяси билан жиҳозланади. Activ 80KM версияси электр қувватида 80 километргача, Activ 120KM эса 120 километргача масофани босиб ўта олади. Аккумулятор тўлиқ қувватланган ва ёқилғи баки тўлдирилган ҳолатда автомобильнинг умумий юриш захираси 1 000 километрдан ошади.
Гибрид куч қурилмаси 1,5 литрли бензинли турбо двигатель, 188 от кучига эга электр мотор ва икки босқичли DHT трансмиссиясидан иборат. Компания маълум қилишича, бундай уйғунлик ёқилғи тежамкорлиги, тезкор тезланиш ва равон ҳаракатланишни таъминлайди.
Хавфсизлик ва ҳайдовчига ёрдам бериш тизимлари таркибига адаптив круиз-назорат, автоматик фавқулодда тормозлаш, ҳаракатланиш полосасида ушлаб туриш тизими, кўринмайдиган зоналар мониторинги, 360 даражали айлана кўриш камераси, олтита хавфсизлик ёстиқчаси ҳамда йўл белгиларианиқлаш тизими киради. Шунингдек, ҳайдовчининг диққатини ошириш ва йўловчиларни ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча технологиялар ҳам кўзда тутилган.
Салонда 11 дюймли рақамли приборлар панели ва мультимедиа тизимининг 11 дюймли сенсор экрани ўрнатилган. Жиҳозлар қаторида Apple CarPlay, симсиз қувватлаш қурилмаси, панорамали люк, шунингдек, олд ўриндиқларни иситиш ва шамоллатиш функциялари ҳам мавжуд.
Chevrolet Equinox PHEV Activ 80KM версиясининг тавсия этилган чакана нархи 463,5 миллион сўмни ташкил этади. Activ 120KM версияси эса 478,5 миллион сўмдан таклиф этилмоқда.