Иқтисод

Будапештда агроозиқ-овқат тизимларини «яшиллаштириш» муҳокама қилинди

Будапештда агроозиқ-овқат тизимларини «яшиллаштириш» муҳокама қилинди
Будапештда агроозиқ-овқат тизимларини «яшиллаштириш» муҳокама қилинди / Фото: Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Будапештда (Венгрия) 15–16 сентябрь кунлари «Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги тизимларини “яшиллаштириш”га интеграциялашган сиёсий ёндашув» мавзусида минтақалараро сиёсий мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг Европа ва Марказий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий бюролари ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этиб, мамлакатда яшил қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тажрибаси билан ўртоқлашди.

Икки кунлик мулоқот давомида қишлоқ хўжалигини барқарор ва экологик жиҳатдан самарали ривожлантириш, агроозиқ-овқат тизимларидаги долзарб муаммоларга комплекс ёндашувларни шакллантириш, шунингдек, давлатлар ўртасида илғор тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон тажрибасини тақдим этиш доирасида «Тоза дала» ташаббуси, «Сурхан-Агро» иссиқхона хўжалиги махсус зонаси фаолияти ҳамда қишлоқ хўжалигида жорий этилаётган янги субсидиялар тизими ҳақида тақдимот ўтказилди.

Тадбир доирасида иштирокчилар учун Венгрия ҳудудларига амалий ташрифлар ҳам ташкил этилди. Ташрифлар давомида мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор тажрибаси ўрганилди, соҳада учраётган муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот якунлари бўйича агроозиқ-овқат тизимларини барқарор ривожлантириш, тармоқлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва самарали сиёсий механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.