Иқтисод

Тошкент метрополитени Стамбулда навигация тажрибасини ўрганади

Тошкент метрополитени Стамбулда навигация тажрибасини ўрганади
Тошкент метрополитени Стамбулда навигация тажрибасини ўрганади / Фото: «Тошкент метрополитени» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Тошкент метрополитени» АЖ ҳаракат хизмати ходимлари йўловчиларга ахборот бериш, дизайн ва навигация масалаларига бағишланган «Travel Information, Design and Wayfinding» халқаро ўқув семинарида иштирок этмоқда. Халқаро жамоат транспорти ассоциацияси (UITP) томонидан ташкил этилган тадбир Туркиянинг Стамбул шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Тошкент метрополитени» АЖ хабар берди.

Ходимларнинг семинарда иштироки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПП-191-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган.

Семинарнинг биринчи куни иштирокчилар йўловчиларга ахборот бериш ва навигация тизимларини лойиҳалаш, транспорт узелларида йўловчилар оқимини ташкил этиш, шунингдек, замонавий навигация ечимлари ва йўналиш кўрсаткичларини жорий этиш бўйича назарий ва амалий машғулотларда қатнашди.

Шаҳар мобиллиги дизайни соҳасидаги француз эксперти Йо Каминaгаи wayfinding тизимларининг назарий асослари ҳамда универсал ва инклюзив дизайн тамойилларини тақдим этди. MTR корпорациясининг архитектура йўналиши собиқ раҳбари Эндрю Мид Гонконг метросида йўловчиларга ахборот бериш ва навигацияни ташкил этиш тажрибаси билан ўртоқлашди. У ахборот беришнинг жисмоний ва рақамли воситаларини интеграция қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

INAT Mapping & Wayfinding асосчиси Юг Церович транспорт хариталари ва йўналиш схемаларини лойиҳалашдаги замонавий ёндашувларни тақдим этди. Закария Муҳаммад Дубай, Абу-Даби ва Форс кўрфази мамлакатларида қўлланилаётган навигация ечимлари ҳақида маълумот берди.

Семинарда олинган билим ва тажрибадан Тошкент метрополитенида йўловчиларга ахборот бериш тизимини такомиллаштириш, ягона стандартлар асосида хариталар, пиктограммалар ва йўналиш кўрсаткичларини ривожлантириш, шунингдек, бекатларда йўловчилар учун янада қулай, хавфсиз ва тушунарли муҳит яратишда фойдаланиш режалаштирилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.