Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазир ўринбосари Алишер Шукуровнинг Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармасининг (IFAD) Ўзбекистондаги янги вакили Тарек Абдельмонем билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва IFAD ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати, амалга оширилаётган қўшма ташаббуслар ҳамда аграр соҳада икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашувда қиймати 44 млн доллар бўлган ASPIR — «Агробизнес учун самарали ечимлар: юқори даромад, инвестициялар ва барқарорлик» лойиҳасини қисқа муддатларда амалий босқичга ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳа Ўзбекистонда агробизнесни ривожлантириш, фермерлар даромадини ошириш ва қишлоқ жойларда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган. Уни 2027–2032 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
Дастлаб лойиҳани Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида жорий этиш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири мева-сабзавотчилик соҳасидаги кичик фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини ошириш ҳамда бозорлар ва молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ёш мутахассисларни IFADнинг минтақавий офисларига стажировкага юбориш бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, мазкур ташаббус ёш кадрларнинг халқаро тажрибасини ошириш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар мунтазам мулоқотни давом эттириш, ASPIR лойиҳасини амалий босқичга ўтказиш бўйича ишларни жадаллаштириш ҳамда ёш мутахассисларни IFAD доирасидаги стажировка дастурларида иштирокини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.