Ўзбекистон

Душанбеда ШҲТ давлатларида рақобатни ҳимоя қилиш муҳокама қилинди

Душанбеда ШҲТ давлатларида рақобатни ҳимоя қилиш муҳокама қилинди
Душанбеда ШҲТ давлатларида рақобатни ҳимоя қилиш муҳокама қилинди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Душанбе шаҳрида (Тожикистон Республикаси) 2026 йил 17 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар монополияга қарши органлари раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Йиғилишда Ўзбекистон томонидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Давлатов иштирок этди.

Йиғилишда таъкидланганидек, жаҳон иқтисодиётидаги жадал ўзгаришлар ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши шароитида рақобатни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида рақобат сиёсати амалга оширилиши бўйича тажриба, илғор амалиёт ва ахборот алмашиш бозорда юзага келаётган янги чақириқларга самарали жавоб бериш механизмларини ишлаб чиқишга хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланди.

Ўзбекистон делегацияси иштирокчиларни мамлакатда рақобатни ривожлантириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари билан таништирди.

Хусусан, давлат иштирокидаги корхоналарнинг ЯИМдаги улуши 55 фоиздан 30 фоизга қисқартирилгани, қарийб 2,3 мингта рақобатга қарши ҳаракатнинг олди олингани ва бу жараёнда қарийб 912 миллиард сўм маблағ қайтарилгани маълум қилинди. Шунингдек, биржа савдоларида 344 та манипуляция ҳолати аниқланиб, 105 миллиард сўм маблағ қайтарилгани, рақамли «Fair Tech» назорат тизими жорий этилгани қайд этилди.

Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар навбатдаги йиғилишни ўтказиш санаси ва жойини, шунингдек, бошқа бир қатор ташкилий масалаларни келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.