Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Корея Республикаси Миллий ассамблеяси кутубхонасига Ўзбекистон тарихига бағишланган китоблар тўпламини топширди. Бу ҳақда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ хабар берди.
Китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёш авлоднинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, миллий тарих ва бой маданий меросни чуқур ўрганиш, шунингдек, уларни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида изчил давом эттирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ушбу ташаббуслар ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи, миллий қадриятлари ва маънавий меросини асраб-авайлаш, шунингдек, китоб, илм-фан ва маърифатнинг жамият ҳаётидаги ролини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу маърифий ташаббусларни халқаро миқёсда амалий татбиқ этиш мақсадида Корея Республикасига ташриф доирасида «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Корея Республикаси Миллий ассамблеяси кутубхонасига Ўзбекистоннинг бой тарихи, миллий давлатчилиги, маданий мероси, мамлакатнинг замонавий тараққиёти ва ривожланиш йўлига бағишланган китоблар тўпламини тантанали равишда топширди.
Тақдим этилган нашрлар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг асарлари, мамлакат тарихи ва маданий меросига бағишланган илмий-маърифий нашрлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётини акс эттирувчи китоблар ўрин олди.
Топширилган китобларни Корея Республикаси Миллий ассамблеяси кутубхонасининг Марказий Осиё павильонига жойлаштириш алоҳида аҳамият касб этади.
Энди ушбу нашрлар Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий тараққиёти ҳақида маълумот олишни истаган корейс китобхонлари, тадқиқотчилар, талабалар, олимлар, жамоатчилик ва хорижий меҳмонлар учун муҳим маърифий манба бўлиб хизмат қилади.
«Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг Корея Республикасига хизмат сафари доирасида гидроэнергетика соҳасидаги илғор тажрибани ўрганиш, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва касбий алоқаларни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва замонавий ютуқларини кенг тарғиб этишга қаратилган ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда.
Китоб — халқ тарихини сақловчи хотира, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бебаҳо билим ва маърифат манбаи, шунингдек, халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи маънавий кўприкдир.