Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Бухоро вилояти ва Беларус иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 01.08.2026 · 21:00 · 25 views
Бухоро вилояти ва Беларус иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради
Бухоро вилояти ва Беларус иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: “Дунё” АА.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация Беларусь Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат чоғида июль ойида Минск шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Беларусь олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича эришилган келишувларнинг ижроси ҳамда савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро алоқаларни янада фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Беларусь томони Ўзбекистонни ўзининг ишончли ва вақт синовидан ўтган шериги сифатида баҳолаб, кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан йил якунига қадар ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга, 2030 йилгача эса 2 миллиард долларга етказиш вазифаси белгилангани қайд этилди.

Учрашувда ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасидаги мулоқотлар изчил давом этаётгани, учинчи Ҳудудлараро форуми якунлари ҳудудлараро шерикликка янги суръат бағишлагани алоҳида таъкидланди. Айни пайтда енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик тармоқларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг аниқ иқтисодий самарадорлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Учрашув якунида томонлар эришилган келишувларни амалий мазмунан бойитиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олдилар.