Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов ва IT Park Uzbekistan ижрочи директори Жаҳонгир Ражабов Жанубий Кореяда KS JOB INC. бош директори Дэгун Хур билан учрашди. Учрашув якунлари бўйича томонлар BPO лойиҳалари учун мутахассислар тайёрлаш бўйича англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда IT Park Uzbekistan хабар берди.
Учрашувда KS JOB INC. компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш, корейс тилини биладиган мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, AICC (AI Contact Center) ва BPO йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сентябрь ойида компания Тошкентда BPO соҳасида ишлаш учун мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган корейс тилини ўргатиш марказини ишга туширди. KS JOB INC. Ўзбекистонда тайёрланган мутахассисларни Жанубий Корея мижозлари учун AICC ва BPO лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилишни режалаштирмоқда.
Имзоланган меморандум кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни назарда тутади.
Бундан ташқари, томонлар KS JOB INC.нинг Ўзбекистондаги фаолиятини янада ривожлантириш учун «Zero Risk» дастуридан фойдаланиш имкониятларини ўрганишга келишиб олди.
Томонлар аутсорсинг соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ниятини билдирди.
KS JOB INC. 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, BPO ва мижозларга хизмат кўрсатишни аутсорсинг қилиш соҳаларига ихтисослашган. Компания 120 дан ортиқ корпоратив мижоз билан ҳамкорлик қилади ҳамда контакт-марказлар учун технологик ечимлар, жумладан, сунъий интеллект асосидаги тизимлар, нутқни таниб олиш технологиялари ва булутли CRM платформаларини ишлаб чиқади.
Компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш халқаро BPO лойиҳаларини амалга ошириш учун корейс тилини биладиган кадрларни тайёрлашни назарда тутади.