Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳиндистоннинг Precise Group компанияси Ўзбекистон фармкорхоналарига технология бериши мумкин / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика соҳасида ҳамкорлик қилиш, жумладан, замонавий технологияларни трансфер қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тиббиёт ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Агентлик директори Абдулла Азизов Ҳиндистоннинг Precise Group фармацевтика компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар замонавий фармацевтика технологияларини компания томонидан Ўзбекистон корхоналарига трансфер қилиш ва уларни маҳаллий ишлаб чиқариш майдонларида ўзлаштириш имкониятларини кўриб чиқди. Шунингдек, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг маҳаллий фармацевтика корхоналарини Precise Group билан ҳамкорликка жалб қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Precise Group технологиялари ва ишлаб чиқариш йўналишларига қизиқиш билдирган Ўзбекистон фармацевтика корхоналарини аниқлаш, шундан сўнг улар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ташкил этишга келишиб олди.