Технологиялар

Тошкент Гонконгнинг IT компаниялари билан ҳамкорликни муҳокама қилди

Тошкент Гонконгнинг IT компаниялари билан ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент Гонконгнинг IT компаниялари билан ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаменти вакиллари Гонконг Илмий ва технологик парклар корпорацияси (HKSTP) ҳамда корпорация резидент компаниялари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Учрашув 25 сентябрь куни ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида бўлиб ўтди.

Музокараларда HKSTP, шунингдек, Showmac, eSIX ва Cogniser компаниялари вакиллари иштирок этди. Томонлар рақамли технологиялар ва сунъий интеллект асосидаги ечимларни қўллаш бўйича халқаро тажриба, Smart City технологияларини Тошкент шароитига мослаштириш имкониятлари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди.

Гонконг компаниялари вакиллари ўзларининг технологик ишланмаларини тақдим этди. Хусусан, eSIX 4G ва 5G тармоқлари, оптик толали ва сунъий йўлдош технологияларини бирлаштирувчи узлуксиз ва ҳимояланган алоқа ечимларини намойиш қилди. Улар транспорт, видеокузатув тизимлари, коммунал ва бошқа шаҳар инфратузилмаси соҳаларида фойдаланиш учун мўлжалланган.

Cogniser компанияси шаҳар тизимларини бошқариш, хавфсизликни таъминлаш, таълим соҳаси ва саноат мониторинги учун сунъий интеллект асосидаги ечимларни тақдим этди.

Showmac компанияси сунъий интеллект, ахборот-коммуникация ва телекоммуникация технологияларини уйғунлаштирган интеллектуал қурилмалар ва таълим ечимларини намойиш қилди.

Учрашувда тақдим этилган технологияларни Тошкентнинг рақамли бошқарув тизимлари, транспорт ва шаҳар инфратузилмаси, таълим, хавфсизлик ҳамда мониторинг тизимларига интеграция қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Истиқболли ечимларни дастлаб пилот тартибида синовдан ўтказиш режалаштирилмоқда. Синов натижаларига кўра, уларни шаҳар инфратузилмасининг тегишли соҳаларида янада кенгроқ жорий этиш имконияти кўриб чиқилиши мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.