Технологиялар

IT Park ва SparkLabs стартапларни Корея бозорига чиқариш учун акселерация дастурини ишга туширади

IT Park ва SparkLabs стартапларни Корея бозорига чиқариш учун акселерация дастурини ишга туширади
IT Park ва SparkLabs стартапларни Корея бозорига чиқариш учун акселерация дастурини ишга туширади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов ва IT Park Uzbekistan ижрочи директори Жаҳонгир Ражабов Корея Республикасида SparkLabs Inc. ҳаммуассиси Бернард Мун билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.

Учрашув давомида ўзбек стартапларининг Корея Республикаси бозорига чиқишига қаратилган акселерация дастурини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Дастурни жорий йилнинг IV чорагида ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Стартапларни танлаш жараёни, акселерация формати ҳамда дастур иштирокчиларининг Корея венчур экотизими билан кейинги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дастур доирасида ўзбек стартапларига Корея бозорига чиқишда кўмак берилади, шунингдек, потенциал инвесторлар ва венчур ташкилотлари, жумладан, TIPS, Mirae Asset ҳамда Корея Республикаси инвестиция экотизимининг бошқа иштирокчилари билан алоқалар ўрнатиш имкониятлари кенгайтирилади.

Учрашув якунлари бўйича IT Park Uzbekistan ва SparkLabs Inc. ўртасида Ўзбекистон стартаплари учун Корея Республикасида акселерация дастурини амалга ошириш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжат истиқболли технологик лойиҳаларни танлаш ва тайёрлаш, шунингдек, уларнинг Корея бозорига чиқишига кўмаклашиш бўйича ҳамкорликни назарда тутади.

Томонлар халқаро технологик тадбирлар доирасидаги кейинги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилди. Хусусан, Бернард Мун «ICT Week Uzbekistan 2026» тадбирида иштирок этишни режалаштирмоқда.

SparkLabs билан қўшма дастурнинг амалга оширилиши ўзбек стартапларига халқаро экспертиза ва менторлик кўмагини олиш, Корея Республикаси венчур экотизими иштирокчилари билан алоқалар ўрнатиш, шунингдек, инвестиция жалб қилиш ва хорижий бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш имконини беради.

SparkLabs Inc. — 2012 йилда Сеулда ташкил этилган Жанубий Корея стартап-акселератори ва венчур инвестиция компанияси.

Компания seed ва early-stage босқичларидаги стартапларни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган бўлиб, инвестициялар, акселерация, менторлик ва халқаро бозорларга чиқишда кўмак хизматларини тақдим этади.

Айни пайтга қадар SparkLabs 320 дан ортиқ стартапни қўллаб-қувватлаган ва уларга инвестиция киритган. Компания, шунингдек, хорижий технологик лойиҳаларни Корея Республикасига жалб қилиш ҳамда кореялик стартапларни ташқи бозорларга чиқишида қўллаб-қувватлашга қаратилган халқаро inbound ва outbound дастурларини амалга оширади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.