Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах давлат педагогика университетида Пекин тил ва маданият университети ҳамда Beijing Financial Street Education Investment Co., Ltd. билан ҳамкорликда Хитой тили ва маданияти маркази очилди. Бу ҳақда Жиззах давлат педагогика университети хабар берди.
Марказнинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Зафар Азимов, Beijing Financial Street Education Investment Co., Ltd. бош директори Ван Юйси бошчилигидаги Хитой делегацияси, шунингдек, университет раҳбарияти иштирок этди.
Жорий ўқув йилидан бошлаб университетда хитой тили йўналишига 50 нафар талаба қабул қилинди. Уларга дарсларни Хитойдан келган тўрт нафар мутахассис ўтказмоқда.
Марказнинг очилиш маросими доирасида хитой тилидан намунали дарс ўтказилди. Шунингдек, иштирокчиларга янги марказ фаолиятининг асосий йўналишлари тақдим этилди.
Марказнинг очилиши Жиззах давлат педагогика университетида талабаларга хитой тилини ўрганиш ва Хитой маданияти билан танишиш учун янги таълим майдонини яратди.