Технологиялар

Ўзбекистон ва Startup Genome стартапларни ривожлантиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Startup Genome стартапларни ривожлантиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Startup Genome стартапларни ривожлантиришни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида Ўзбекистон рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов Startup Genome асосчиси Жан-Франсуа Готье билан учрашди. Томонлар мамлакат стартап экотизимини ривожлантириш ва уни халқаро даражада илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Global Startup Ecosystem Report (GSER) ва стартап экотизимларига оид бошқа халқаро рейтинглардаги мавқеини мустаҳкамлаш имкониятлари кўриб чиқилди.

Хорижий инвесторлар учун стартап экотизими ҳақидаги маълумотларнинг очиқлигини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг глобал стартап саҳнасида халқаро эътирофини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Startup Genome — бош қароргоҳи Сан-Францискода жойлашган, стартап экотизимларини тадқиқ қилиш ва ривожлантиришга ихтисослашган халқаро ташкилот. Ташкилот 350 дан ортиқ экотизим ва 5,5 миллиондан зиёд стартап маълумотларини таҳлил қилади.

Startup Genome шунингдек, 65 дан ортиқ мамлакатда давлат органлари ва инновацион институтларга стратегик консалтинг хизматларини кўрсатади. Ташкилотнинг асосий тадқиқотларидан бири ҳар йили эълон қилинадиган Global Startup Ecosystem Report ҳисобланади.

Учрашув якунига кўра, томонлар Ўзбекистон стартап экотизимини комплекс таҳлил қилишни давом эттириш ва халқаро бенчмаркинг асосида уни ривожлантириш кўрсаткичларини такомиллаштиришга келишиб олди.

Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистоннинг Startup Genome’нинг глобал тадқиқот ва рейтинг платформаларидаги мавқеини мустаҳкамлаш бўйича қўшма ишларни давом эттириш ниятини билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.