Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan ва High Technologies Park Azerbaijan Ўзбекистон ва Озарбайжон технологик компаниялари ҳамда стартапларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида тузилди.
Томонлар икки мамлакат технологик компанияларини янги бозорларда илгари суриш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Ҳамкорлик доирасида уларга инфратузилмавий кўмак кўрсатиш, маҳаллий технологик экотизимларга интеграциялашувига кўмаклашиш ва янги бозорларда фаолиятини йўлга қўйишда ёрдам бериш назарда тутилган.
Ҳамкорлик йўналишларидан бири ўзбекистонлик стартапларни High Technologies Park Azerbaijan кўмагида NEXUS дастурида иштирок эттириш бўлади. Ўз навбатида, IT Park Uzbekistan Озарбайжон стартапларини 2027 йилда ишга туширилиши режалаштирилган Land of Startups дастурида иштирок этишга таклиф қилади.
Land of Startups халқаро лойиҳа асосчиларига мўлжалланган бўлиб, уларга Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш, маҳаллий стартап экотизимига интеграциялашув ва янги бозор имкониятларига чиқиш учун шароит яратади.
Озарбайжон стартапларининг дастурда иштироки икки мамлакат ўртасида технологик алмашинувни кенгайтириши ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик учун қўшимча имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Меморандум, шунингдек, бозорларга чиқиш дастурлари, технологиялар трансфери, ишланмаларни тижоратлаштириш ва эксперт билимлари алмашинуви соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам қамраб олади.
IT Park Uzbekistan ва High Technologies Park Azerbaijan ўртасидаги ҳамкорлик икки мамлакат технологик компаниялари, стартаплари ва инвесторлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.