Иқтисод

7 ноябрдан Термиз орқали юк ташиш учун йиғимлар жорий этилади

7 ноябрдан Термиз орқали юк ташиш учун йиғимлар жорий этилади
7 ноябрдан Термиз орқали юк ташиш учун йиғимлар жорий этилади / Фото: «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7 ноябрдан Афғонистонга экспорт қилиш учун Термиз станциясида қайта юкланадиган, шунингдек, Термиз-порт станциясига етказиладиган юклар учун йиғимлар жорий этилади.

Йиғим миқдори ташиш масофаси ва юк турига қараб белгиланади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хабар берди.

Термизда қайта юкланиб, Афғонистонга жўнатиладиган юклар учун йиғим ҳар бир вагондан ундирилади. Буғдойдан ташқари айрим юклар учун темир йўл орқали 600 км ва ундан ортиқ масофага ташишда йиғим 800 минг сўмдан 1,3 млн сўмгача бўлади. Автомобиль транспортида ташиш учун эса 2,8 млн сўмдан 7,6 млн сўмгача йиғим белгиланган.

Буғдой учун йиғим миқдори юқорироқ бўлади. Темир йўл орқали ташишда ҳар бир вагон учун 6,8 млн сўмдан 26 млн сўмгача, автомобиль транспортида эса 12 млн сўмдан 33 млн сўмгача тўланади.

Юкларни Термиз-порт станциясига етказиш учун ҳар бир вагондан буғдойдан ташқари айрим юклар бўйича 3 млн сўмдан 8 млн сўмгача йиғим ундирилади. Буғдой учун эса йиғим 13 млн сўмдан 33 млн сўмгача бўлади.

Кўрсатилган суммаларга қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) киритилмаган. Компания аниқлик киритишича, бу маблағлар ташишнинг тўлиқ қиймати эмас, балки белгиланган йиғимлар ҳисобланади.

Буғдойдан ташқари юклар учун белгиланган тарифлар ГНГ кодлари 27090090, 2710, 2711, 27090010, 3901 ва 3902 бўлган юкларга нисбатан қўлланилмайди.

Термиз, юк ташиш йиғимлари, Ўзбекистон темир йўллари, Афғонистон, Термиз-порт, темир йўл транспорти, автомобиль транспорти, экспорт юклари, буғдой ташишТермиз, юк ташиш йиғимлари, Ўзбекистон темир йўллари, Афғонистон, Термиз-порт, темир йўл транспорти, автомобиль транспорти, экспорт юклари, буғдой ташиш

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.