Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугунги кунда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган 10 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини мувофиқлаштириб келмоқда.
Куз-қиш мавсумини барқарор ва ишончли ўтказиш, тизим корхоналарининг узлуксиз ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган техник носозликлар ва авариявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Мазкур дастур жами 393 та бандни қамраб олиб, унда асосий ва ёрдамчи ускуналарни таъмирлаш, техник қурилмаларнинг ишончлилигини ошириш, муҳандислик коммуникацияларини кўрикдан ўтказиш, зарур эҳтиёт қисмлар ва моддий-техник ресурслар захирасини шакллантириш ҳамда ишлаб чиқариш объектларининг мавсумга тайёргарлигини таъминлаш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Бугунги кунга қадар дастурда назарда тутилган барча 393 та чора-тадбир белгиланган муддатларда тўлиқ бажарилиб, тизим корхоналарининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунига етказилди.
Таъмирлаш компанияси
Жорий йилда тизим корхоналарида ишлаб чиқариш қувватларининг ишончлилиги ва самарадорлигини ошириш, ускуналарнинг техник ҳолатини яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида жами 28 та асосий қурилмада мукаммал ва ўрта таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган эди.
Жумладан, таъмирлаш дастури доирасида 5 та энергоблок, 12 та қозон, 3 та буғ-газ қурилмаси, 3 та газ-турбина ускунаси, 2 та газ-поршенли агрегат ҳамда 3 та турбогенераторда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Таъмирлаш жараёнларида қурилмаларнинг техник ҳолатини яхшилаш, асосий ва ёрдамчи ускуналарнинг ишончли ишлашини таъминлаш, мавжуд нуқсонларни бартараф этиш ҳамда уларнинг эксплуатация давридаги самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунга қадар белгиланган барча 28 та қурилмада мукаммал ва ўрта таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди.
Мавсумга тайёргарлик кўриш бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳи томонидан жойларда қўшимча назорат тадбирлари ташкил этилди, натижада қўшимча равишда камчиликлари аниқланган 12 та энергоқурилмаларда кенгайтирилган жорий таъмир ишлари бажарилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида қурилмаларнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватини 116 МВтга тиклаш, шунингдек, қозон қурилмаларининг буғ ишлаб чиқариш қувватини соатига 60 тоннага ошириш имконияти яратилди.
Мазкур ишлар тизим корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш, энергетика ускуналарининг техник тайёргарлигини ошириш, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор ва узлуксиз таъминлашга хизмат қилади.
Мавсумда ишлаб чиқариш
Куз-қиш мавсуми давомида истеъмолчиларни электр ва иссиқлик энергияси билан барқарор ҳамда узлуксиз таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва зарур ёқилғи ресурслари бўйича прогноз кўрсаткичлари шакллантирилган.
Жумладан, мавсум давомида жами 14,2 млрд кВт·соат электр энергияси ҳамда 5,9 млн Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ушбу прогноз кўрсаткичларини таъминлаш учун станцияларда 3,2 млрд куб метр табиий газ ва 3,1 млн тонна кўмир сарфланиши кўзда тутилган.
Белгиланган ишлаб чиқариш ҳажмларига эришиш мақсадида станцияларнинг мавжуд қувватларидан самарали фойдаланиш, асосий ва ёрдамчи ускуналарнинг ишончли ишлашини таъминлаш, ёқилғи ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларнинг белгиланган ҳажмларда етказиб берилишини мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, мавсумга пухта ҳозирлик кўриш мақсадида ёқилғини қабул қилиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш тизими техник назоратдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилиб мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
Экология ва атроф-муҳитни асраш
Куз-қиш мавсумида ишлаб чиқариш ва ёқилғи сарфининг ошиши натижасида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масаласи долзарб бўлиб қолади. Бу борада “Иссиқлик электр станциялари” АЖда ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик назоратни кучайтириш ISO 14001 халқаро стандарти асосида экологик бошқарув йўлга қўйилган.
5 та корхонада 10 та қўшимча газ тозалаш фильтрлари жорий этилган, 11 та чанг-газ тозалаш қурилмасида таъмирлаш ва кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилди ҳамда ёниш жараёнларини яхшилаш учун қозонлар режим хариталари билан таъминланган.
Экологик мониторинг ва лаборатория назорати йўналишида корхоналарда 19 та автоматик мониторинг станцияси ўрнатилган бўлиб, уларнинг барчаси “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ахборот тизимларига интеграция қилинган. Санитария-муҳофаза зоналаридаги 23 та экологик кузатув постининг 19 таси интеграция қилинган.
Шунингдек, 8 та экологик лабораторияда ҳаво ва сув сифати мунтазам текширилмоқда.
Ташкилий тадбирлар
Айни пайтда барча электр станциялар ва марказларда навбатчилик асосида энергоқурилмаларнинг узлуксиз ва барқарор ишлаши жараёнини мувофиқлаштирувчи махсус тезкор штаблар фаолият йўлга қўйилган. Мавсумни беталофат ўтказиш учун улар таркибига 2 мингдан ортиқ малакали мутахассис ҳамда 64 та махсус техника бириктирилган. Раҳбар ва масъул мутахассислардан иборат 68 та туну кун фаолият олиб борувчи навбатчилик гуруҳлари иш олиб боряпти.
Мавсумни беталофат ва барқарор ўтказиш бўйича ситуацион-таҳлилий онлайн диспетчерлик марказининг суткасига 24 соат, туну-кун фаолияти амалга оширилмоқда.
- Марказ реал вақтда иссиқлик электр станцияларда электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнини онлайн мониторингини амалга оширади;
- маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича электр энергияси ишлаб чиқарилиши учун шартли ёқилғи сарфи, унинг заҳираси назоратини олиб боради;
- масофадан туриб автотранспорт воситалари ҳаракатини, ёқилғи сақлаш объектлари фаолиятини кузатиб боради;
- авариявий ҳолатлар олдини олиш мақсадида станцияларда ташкил этилган масъул ходимлардан иборат, туну-кун фаолият юритувчи қўшимча навбатчилик гуруҳлари билан биргаликда ишлайди;
- Ускуналарнинг ишончлилигига таъсир этувчи камчиликларни аниқлаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этишда станцияларга амалий ёрдам кўрсатади;
Ушбу ишларни масофадан туриб самарали ташкил этиш бўйича марказ замонавий ахборот-коммуникация ускуналари билан жиҳозланган. Ишга малакали мутахасислар жалб этилиб, улар учун барча зарур шарт шароитлар яратилган.