Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси Уммоннинг Voltamp Energy компанияси билан Ўзбекистонда юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва Nura Group иштирокида асосий бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш имкониятларини муҳокама қилди.
Музокаралар делегациянинг Уммонга ташрифи давомида бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси хабар берди.
Делегация таркибидан Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори Бахтиёр Ҳайдаров, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ҳамда корхоналар вакиллари ўрин олди.
Улар Соҳар шаҳридаги Voltamp Power SAOC заводига ташриф буюрди. Делегация юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқариш технологиялари, сифат назорати тизими ва компаниянинг бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича тажрибаси билан танишди.
Ташриф якунлари бўйича Voltamp Energy директорлар кенгаши раиси Саййид Айман бин Ҳамад ал-Бусаидий ва компания бош директори Муҳаммад Ажмал Баша билан музокаралар ўтказилди.
Ушбу ташриф 16 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ал-Бусаидий билан учрашувида эришилган келишувларнинг амалий давоми бўлди. Ўшанда томонлар қуёш энергетикаси ва юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган эди.