Иқтисод

Pegasus Airlines Стамбулдан Бухоро, Андижон ва Термизга парвозларни йўлга қўяди

Pegasus Airlines Стамбулдан Бухоро, Андижон ва Термизга парвозларни йўлга қўяди
Pegasus Airlines Стамбулдан Бухоро, Андижон ва Термизга парвозларни йўлга қўяди / Фото: Pegasus Airlines.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг бюджет авиакомпанияси Pegasus Airlines Стамбулдан Бухоро, Андижон ва Термиз шаҳарларига мунтазам йўловчи рейсларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Янги йўналишлар учун авиачипталар сотуви ташувчининг расмий сайтида бошланган.

Авиакомпания маълумотига кўра, Бухорога парвозлар 2026 йил 14 декабрдан, Андижонга 2026 йил 18 декабрдан, Термизга эса 2027 йил 1 мартдан бошланиши режалаштирилган.

Pegasus Airlines сайтида ушбу йўналишлар бўйича чипталарни харид қилиш мумкин. Парвоз нархи солиқларни ҳисобга олган ҳолда 99 доллардан ёки 89,99 евродан бошланади. Якуний нарх йўналиш, сафар санаси ва бўш жойлар мавжудлигига қараб ўзгаради.

Режага кўра, рейслар Pegasus Airlines маршрут тармоғининг асосий узелларидан бири бўлган Истанбулдаги Сабиха Гўкчен аэропорти орқали амалга оширилади.

Янги йўналишларнинг очилиши Бухоро, Андижон ва Термиз аҳолисига Тошкентга бориб ўтирмасдан, авиакомпаниянинг Лондон, Манчестер, Париж ва Прага каби Европа шаҳарларига амалга ошириладиган транзит рейсларидан фойдаланиш имконини беради.

Йўловчилар авиакомпания тарифларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олишлари лозим. Халқаро парвозлар учун мўлжалланган базавий Light тарифи рўйхатдан ўтказиладиган багаж ва стандарт қўл юкини бепул олиб киришни ўз ичига олмайди. Тариф бўйича фақат вазни 3 килограммгача, ўлчамлари эса 40×30×15 сантиметрдан ошмайдиган, ўриндиқ остига жойлаштириш мумкин бўлган кичик сумкани олиб киришга рухсат берилади. Қўшимча багаж учун алоҳида ҳақ тўланади.

Pegasus Airlines компаниясининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши мамлакат авиация органлари ҳужжатларида ҳам ўз тасдиғини топган. Ўзбекистон Фуқаро авиацияси агентлиги реестрига кўра, 2026 йил 6 октябрда авиакомпания йўловчи ташишни амалга ошириш учун 58-К-сон эксплуатация рухсатномасини олган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.