Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик теннисчи Камилла Раҳимова Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилаётган WTA 500 тоифасидаги Toray Pan Pacific Open Tennis турнирининг чорак финалига йўл олди.
Мусобақанинг иккинчи босқичида WTA жаҳон рейтингида 66-ўринни эгаллаб турган Раҳимова рейтингнинг 33-поғонасидаги россиялик Екатерина Александрова устидан ғалаба қозонди. Учрашув 6:4, 4:6, 7:6 (7:5) ҳисобида якунланди.
Баҳс 2 соат 51 дақиқа давом этди. Ушбу ғалаба натижасида Ўзбекистон вакили турнирнинг чорак финалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Раҳимованинг кейинги рақибаси WTA рейтингида 42-ўринда турган испаниялик Кристина Букша ва 94-поғонадаги австралиялик Майя Жойнт ўртасидаги учрашув ғолибаси бўлади.