Иқтисод

Иссиқлик электр станциялари 15,2 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарди

Иссиқлик электр станциялари 15,2 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарди
Иссиқлик электр станциялари 15,2 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Иссиқлик электр станциялари» АЖ корхоналари 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 15,2 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариб, прогноз кўрсаткичини 108 фоизга бажарди. Иссиқлик энергиясини етказиб бериш ҳажми 5,9 млн Гкални ташкил этиб, прогноз 107 фоизга бажарилди. Бу ҳақда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Компания таркибига умумий қуввати 6,9 ГВт бўлган саккизта электр станцияси ҳамда «Toshkent issiqlik markazi» МЧЖнинг тўққизта иссиқлик маркази киради. Яна бир электр станцияси 2,1 ГВт қувват билан компания бошқарувида фаолият юритади.

Электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғининг солиштирма сарфи 272,11 г/кВт·соатни ташкил этди. Бу жорий йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичидан 3,46 граммга, 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан эса 5,79 граммга кам.

Ҳисобот даврида энергия ишлаб чиқариш учун 3,8 млрд куб метр табиий газ ва 645,5 минг тонна кўмир сарфланди.

Компания корхоналарида энергия тежаш ишлари ISO 50001 халқаро стандарти талаблари асосида ташкил этилган.

Ушбу стандарт асосида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзэнергоинспекция билан келишилган ҳолда, 2026 йил учун ташкилий-техник чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Режа доирасида дастлабки тўққиз ойда 52 млн куб метр табиий газ ва 137,7 млн кВт·соат электр энергияси тежалди. Табиий газни тежаш бўйича прогноз 137,7 фоизга, электр энергиясини тежаш бўйича эса 107 фоизга бажарилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.