7
Технологиялар

Ўзбекистон Вашингтонда инвесторларга IT имкониятларини тақдим этди

Ўзбекистон Вашингтонда инвесторларга IT имкониятларини тақдим этди
Ўзбекистон Вашингтонда инвесторларга IT имкониятларини тақдим этди / Фото: IT Park Uzbekistan.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон вакиллари америкалик инвесторларга мамлакатнинг ахборот технологиялари соҳасидаги имкониятларини тақдим этди ҳамда тармоққа сармоя жалб қилиш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда IT Park Uzbekistan хабар берди.

АҚШ Савдо палатаси вакиллари иштирокидаги давра суҳбати 9 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, IT Park Uzbekistan’нинг экспортни ривожлантириш бўйича директори Жаҳонгир Қағиров ҳамда Шимолий Америкада ривожланиш бўйича директор Расс Яппаров иштирок этди.

Учрашув иштирокчиларига Ўзбекистоннинг стартапларни ривожлантириш, IT-аутсорсинг ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Томонлар Америка инвестицияларини жалб қилиш ва технологик сектордаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди.

Бундан ташқари, B20 саммити доирасида IT Park Uzbekistan вакиллари DHL, SKRAY, DLFL, Cyber Qubits ва Unscripted компаниялари билан музокаралар ўтказди.

Ушбу учрашувларда асосий эътибор Ўзбекистонда аутсорсинг марказлари ва глобал компетенциялар марказларини (GCC) ташкил этиш истиқболларига қаратилди. Шунингдек, санаб ўтилган компанияларнинг Ўзбекистон бозорига кириш имкониятлари муҳокама қилинди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.