Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Жанубий Корея коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Келишув Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг Корея Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси раҳбари Чон Ил Ён билан учрашувида эришилди. Музокаралар Ўзбекистон парламент делегациясининг ташрифи доирасида Сеул шаҳрида бўлиб ўтди.
Томонлар коррупцияга қарши курашиш, давлат бошқаруви очиқлигини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Чон Ил Ён Ўзбекистонда ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, рақамлаштириш жараёнларининг ривожланишини ижобий баҳолади.
Учрашув иштирокчилари икки мамлакатнинг тегишли муассасалари ўртасида имзоланган меморандум ижросини давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Янги чора-тадбирлар режасида рақамли технологиялардан янада кенг фойдаланиш, давлат хизматчиларини ўқитиш ва коррупциянинг олдини олиш соҳасида тажриба алмашиш назарда тутилади.