Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Better Cotton Initiative (BCI) вакиллари билан Ўзбекистонда барқарор пахта етиштиришни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув халқаро нотижорат ташкилоти делегацияси билан бўлиб ўтди. Унга ташкилотнинг бош операцион директори Лена Стаафгард бошчилик қилди. Иштирокчилар халқаро стандартларни жорий этиш, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда пахта-тўқимачилик тармоғида шаффофликни ошириш масалаларини кўриб чиқди.
Музокаралар давомида пахтачилик соҳасида мажбурий меҳнатга барҳам бериш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва халқаро талабларга жавоб берадиган ишлаб чиқариш тизимига ўтишга қаратилган ислоҳотлар қайд этилди.
Ўзбекистонда BCI дастурини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026 йилда дастур иштирокчилари сони икки бараварга ошган.
Томонлар сертификатлаш тизимини янада ривожлантириш ва халқаро стандартларни миллий тизимга интеграция қилиш зарурлигини таъкидлади.
Кун тартибидан фермерларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш, нарх белгилаш жараёни шаффофлигини ошириш, молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда экологик барқарор технологияларни жорий этиш масалалари ҳам ўрин олди.
Ҳамкорликни давом эттириш мақсадида ишчи гуруҳ тузиш ва йўл харитасини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, томонлар маҳсулот ҳаракатини ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача кузатиш учун мўлжалланган TRACE ва UZ TRUST рақамли тизимларини жорий этиш масаласини ҳам кўриб чиқди.