Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон халқаро венчур фондлари ва акселераторлар билан робототехника соҳасига инвестициялар жалб қилиш ҳамда технологик стартапларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар 2026 йил 24 ноябрь куни Techstars Startup Week Tashkent 2026 доирасида бўлиб ўтди. Учрашувларда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидҳожаев иштирок этди.
Нидерландия ва Туркия венчур фонди ScaleX Ventures асосчиси ва бошқарувчи ҳамкори Дилек Дайынларли билан ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Фонд технологик стартапларнинг илк босқичларида уларни молиялаштиришга ихтисослашган.
Фонд портфелидан робототехника соҳасидаги лойиҳалар ҳам ўрин олган. Жумладан, Atlas Robotics омборларда юкларни ташиш жараёнларини автоматлаштириш ечимларини ишлаб чиқади, Weave Robotics эса уй юмушларини бажаришга мўлжалланган роботлар яратади.
Музокараларда DOMiNO Ventures бошқарувчи ҳамкорлари Мустафа Кёпюк ва Ягиз Карадениз ҳам иштирок этди. Фонд Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказдаги юқори технологияли стартапларга инвестиция киритади.
Ўзбекистонда фонд 20 млн доллар капиталига эга DOMiNO Uzbekistan Fund’ни ташкил этган. У томонидан молиялаштирилган маҳаллий лойиҳалар қаторида TASS Vision ва PointAi ҳам бор. Фондни ташкил этишдан мақсад DOMiNO Ventures’нинг Марказий Осиёдаги иштирокини кенгайтиришдан иборат.
Германиянинг Бремен шаҳрида жойлашган Constructor University ҳузуридаги Constructor Start акселератори билан ҳамкорлик масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Учрашувда акселератор бошқарувчи директори, шунингдек, Тадбиркорлик ва инновациялар маркази раҳбари Дмитрий Курин иштирок этди.
Акселератор дастури стартапларга халқаро экспертлар билан ишлаш имкониятини тақдим этади ва 1 млн долларгача молиялаштириш жалб қилишга кўмаклашади.
Музокаралар давомида томонлар ихтисослаштирилган акселерация дастурларини йўлга қўйиш, венчур капиталини жалб қилиш, илғор технологияларни трансфер қилиш ва малакали муҳандислар тайёрлаш масалаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, илмий тадқиқотлар, технологик ишланмалар ва саноат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди.
Истиқболли йўналишлар қаторида маҳаллий робототехника ечимларини ишлаб чиқариш корхоналарида синовдан ўтказиш, уларни тижоратлаштириш ва халқаро бозорларга олиб чиқиш белгиланди.