Иқтисод

Ўзбекистон ва Буюк Британия савдо ҳамда инвестицияларни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Буюк Британия савдо ҳамда инвестицияларни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Буюк Британия савдо ҳамда инвестицияларни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 9 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма иқтисодий қўмитасининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашувга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Буюк Британия савдо масалалари бўйича давлат вазири Анас Сарвар ҳамраислик қилди.

Муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар бўлди. 2026 йилнинг январь–август ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12,6 фоизга ошиб, қарийб 250 миллион долларга етди.

Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон маҳсулотларининг Британия бозорига кириш имкониятларини кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Хусусан, Британиянинг DCTS савдо преференциялари тизимидан фойдаланиш, сертификатлаш тартиб-таомилларини соддалаштириш, техник тўсиқларни бартараф этиш ва Ўзбекистон маҳсулотларини Буюк Британия савдо тармоқларида илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар, шунингдек, 46 та лойиҳани амалга ошириш ва UK Export Finance иштирокида молиялаштиришни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Кун тартибидан Тошкент халқаро молия марказини ривожлантириш, электротехника, муҳим минераллар, фармацевтика ва транспорт машинасозлиги соҳаларида саноат ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари ҳам ўрин олди.

Учрашув якунида томонлар Қўмита иккинчи йиғилишининг баённомасини имзолади.

Ҳужжатда савдо, инвестициялар, саноат, рақамли технологиялар, молия ва соғлиқни сақлаш соҳаларида эришилган келишувлар мустаҳкамлаб қўйилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.