Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти Лондонда халқаро инвестиция компаниялари ва еврооблигациялар эгалари билан бир қатор учрашувлар ўтказиб, молиявий фаолияти натижалари, корпоратив ўзгаришлар жараёни ҳамда нефть-газ лойиҳаларини ривожлантириш истиқболларини тақдим этди.
Музокаралар J.P. Morgan ва Deutsche Bank кўмагида ташкил этилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирларда Ashmore Group, UBS Asset Management, Vanguard, Fidelity International, PIMCO, T. Rowe Price ва бошқа йирик молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Учрашувлар давомида делегация компаниянинг молиявий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, сўнгги корпоратив ютуқлари, трансформация жараёнлари ҳамда нефть-газ саноатидаги тенденциялар ҳақида маълумот берди. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ва истиқболли лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
«Ўзбекнефтгаз» инвесторларга ишлаб чиқариш ташаббусларининг амалга оширилиши ҳақида ҳам маълумот тақдим этди. Жумладан, GTL заводи тўлиқ қувватда ишлаётгани, шунингдек, Устюртдаги лойиҳага BP компанияси қўшилгани қайд этилди.
Асосий мавзулардан бири ҳукумат томонидан вазифа қилиб белгиланган газ қазиб олиш ҳажмини барқарорлаштириш бўлди. Компания вакиллари Ўзбекистон Президентининг 2026 йилда қабул қилинган қарорларида назарда тутилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. Ушбу чоралар геологик қидирув ишларини кенгайтириш, технологик ҳамкорларни жалб қилиш ва компанияни бевосита молиявий қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.
2026 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, «Ўзбекнефтгаз» даромади 10 фоизга ошиб, 3 миллиард долларга етди. EBITDA кўрсаткичи 1,5 миллиард долларга кўтарилди, соф қарзнинг EBITDAга нисбати эса 3,1 дан 2,2 гача пасайди.
Инвесторлар компаниянинг молиявий кўрсаткичларидаги ижобий динамикани юқори баҳолади. Тақдим этилган натижалар компания молиявий барқарорлигининг мустаҳкамланаётгани ва қарз юки изчил камайиб бораётганининг далили сифатида эътироф этилди.
«Ўзбекнефтгаз»нинг бошқа ютуқлари қаторида бешта янги коннинг очилиши ҳам қайд этилди. Ушбу конлардаги захиралар ўсиши йиллик қазиб олиш ҳажмидан ортиқ экани таъкидланди. Шунингдек, компаниянинг ўз бурғилаш корхонасини ташкил этиши ва бурғилаш ишлари кўламини кенгайтириши ҳам муҳим натижалар сифатида келтирилди. Мазкур йўналишлар компаниянинг ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.
Лондондаги учрашувлар халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш учун ҳам майдон бўлди. Компания инвесторлар билан очиқ мулоқот олиб бориш, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини тақдим этиш ва ривожланиш режаларига нисбатан ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
«Ўзбекнефтгаз» 2021 йил ноябрь ойида Лондон фонд биржасида 700 миллион долларлик еврооблигацияларни жойлаштирган. 2025 йилда компания яна 850 миллион долларлик еврооблигациялар чиқарган.