7
Иқтисод

Ўзбекистонда иссиқхоналарга 200 млн сўмгача субсидия ажратилади

Ўзбекистонда иссиқхоналарга 200 млн сўмгача субсидия ажратилади
Ўзбекистонда иссиқхоналарга 200 млн сўмгача субсидия ажратилади / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда иссиқхона хўжаликларини, жумладан, аҳоли томорқаларида фаолият юритаётган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар жорий этилади. Улар солиқ имтиёзлари, электр энергияси харажатларининг бир қисмини қоплаш, энергия тежовчи ускуналар учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратишни назарда тутади.

Тегишли қоидалар Президентнинг 2026 йил 13 октябрдаги «Илғор “яшил” технологиялар асосида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-371-сон қарорида белгиланган. Ҳужжат «Huquqiy axborot» Telegram-каналида эълон қилинган.

Қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун қўшилган қиймат солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва балиқчилик корхоналари ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни реализация қилишдан олинган фойда бўйича ноллик ставкадаги фойда солиғини тўлайди.

Жами даромадининг камида 60 фоизини иссиқхона фаолиятидан оладиган иссиқхона хўжаликлари учун 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.

2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача тегишли тадбиркорлик субъектлари учун ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи 50 фоизга камайтирилади.

Иссиқхоналарни иситиш харажатларини қисқартириш бўйича ҳам алоҳида чоралар назарда тутилган. 2026 йил 1 ноябрдан 2030 йил 1 апрелгача махсус иссиқликни сақловчи қоплама материалларидан ёки энергия самарадорлиги юқори бўлган экологик тоза иситиш тизимларидан фойдаланадиган хўжаликларга октябрь ойидан март ойигача истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи компенсация қилиб берилади.

Қўллаб-қувватланадиган технологиялар қаторига иссиқлик насослари, геотермал тизимлар, қуёш иссиқлик қурилмалари ва юқори самарадорликка эга электр иситиш тизимлари киради.

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги 2030 йил 1 январга қадар томорқалардаги иссиқхоналар учун қуёш панеллари, иссиқлик насослари, инфрақизил иситгичлар ва бошқа энергия тежовчи ускуналарни сотиб олиш ҳамда ўрнатишга бир марталик субсидиялар ажратади.

Ушбу чора Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота, Қибрай, Янгийўл ва Юқоричирчиқ туманларига татбиқ этилади. Субсидия харажатларнинг 40 фоизини қоплайди, бироқ унинг миқдори 100 млн сўмдан ошмайди.

Иссиқхона хўжалигига ихтисослашган Тошкент вилоятидаги 50 та маҳаллада яшовчи оилалар учун қўшимча ёрдам ҳам назарда тутилган.

Камбағалликни қисқартириш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир оилага 200 млн сўмгача субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, Марказий банк оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича экспериментал дастур доирасида томорқа ер участкалари ва деҳқон хўжалигини юритиш учун ерга эга бўлган жисмоний шахсларга имтиёзли кредитлар ажратади.

«Яшил» технологиялардан фойдаланган ҳолда иссиқхоналар қуриш учун 300 млн сўмгача, мавжуд иссиқхоналарни қайта жиҳозлаш учун эса 150 млн сўмгача кредит олиш мумкин бўлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.