Иқтисод

Ўзбекистон Германиянинг солиқ соҳасида сунъий интеллектни жорий этиш тажрибасини ўрганмоқда

Ўзбекистон Германиянинг солиқ соҳасида сунъий интеллектни жорий этиш тажрибасини ўрганмоқда
Ўзбекистон Германиянинг солиқ соҳасида сунъий интеллектни жорий этиш тажрибасини ўрганмоқда / Фото: Ўзбекистон Солиқ қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» АЖ мутахассислари Германияда сунъий интеллект ва рақамли технологияларни солиқ соҳасида қўллаш бўйича илғор тажрибани ўрганмоқда.

Мутахассислар гуруҳи хизмат сафари билан Берлин шаҳрида бўлиб турибди.

Ташрифдан мақсад рақамли ечимларни жорий этиш бўйича халқаро тажрибани, дастурлашга замонавий ёндашувларни ва солиқ маъмуриятчилигида сунъий интеллектдан кейинчалик фойдаланиш имкониятларини ўрганишдан иборат.

Сафар давомида мутахассислар дастурлаш ва рақамли технологиялар соҳасида фаолият юритаётган компаниялар тажрибаси билан танишмоқда.

Асосий эътибор замонавий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, сунъий интеллект асосидаги ечимлардан фойдаланиш, ахборот тизимларининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, маълумотлар билан ишлаш ҳамда инновацион технологияларни солиқ маъмуриятчилигига жорий этиш масалаларига қаратилмоқда.

Тажриба алмашинуви давомида олинган билим ва амалий кўникмаларни Ўзбекистоннинг миллий солиқ тизимида қўллаш режалаштирилмоқда.

Хусусан, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда солиқ хизматлари сифатини ошириш ва солиқ маъмуриятчилигини янада рақамлаштириш бўйича амалий ечимларни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.