Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши бўлажак жаҳон чемпионлиги матчида ғалаба қозониш имкониятини 50,1 фоиз деб баҳолади. Унинг фикрича, ҳиндистонлик шахматчининг ғалаба қозониш эҳтимоли 49,9 фоизни ташкил этади.
Синдаров бу рақамларни АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида ўтказилаётган Clutch Chess: Champions Showdown турнири давомида айтиб ўтди. У мазкур мусобақада мавсумнинг энг муҳим учрашувига тайёргарлик кўрмоқда.
Шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун баҳс 2026 йил 22 ноябрдан 12 декабрга қадар Женева шаҳрида бўлиб ўтади.
Мусобақадаги биринчи классик партия 24 ноябрга белгиланган. Рақиблар 14 тагача партия ўтказади, ҳисоб тенг бўлган тақдирда эса тай-брейк ташкил этилади.