Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоасининг олти нафар боксчиси Черногориянинг Будва шаҳрида ўтказилаётган 19 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалига йўл олди. Яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи бронза медалларини қўлга киритди. Финал жанглари 27 октябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар берди.
Эркаклар ўртасидаги мусобақада тўрт нафар ўзбекистонлик боксчи олтин медаль учун курашади. 75 кг вазн тоифасида Сухроб Раҳматуллаев эронлик Муҳаммад Солеҳ Месбаҳига қарши рингга кўтарилади. 85 кг вазнда Сардорбек Баҳромхўжаев россиялик Кирилл Коршаков билан куч синашади. 90 кг вазн тоифасида Асадбек Султонбоев украиналик Владислав Науменко билан баҳс олиб боради. 90 кгдан юқори вазн тоифасида эса Ислом Солиҳов қозоғистонлик Владислав Саможоновга қарши жанг қилади.
Аёллар ўртасидаги финалларда Назокат Мардонова 51 кг вазн тоифасида АҚШ вакили Руби Лопес билан учрашади. 70 кг вазнда Мафтуна Янгиева америкалик Марли Макнеллига қарши жанг қилади.
Зулфикор Адҳамжонов 70 кг, Мухтасар Алиева эса 48 кг вазн тоифасида бронза медалларини қўлга киритди.
Финалга чиққан спортчилар сони бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Россиядан кейин иккинчи ўринда бормоқда. Россия терма жамоасининг 10 нафар вакили финалга йўл олган. Қозоғистон ва Хитой терма жамоаларидан тўрт нафардан, АҚШдан эса уч нафар боксчи финалда иштирок этади. Ирландия, Украина ва Ҳиндистондан икки нафардан спортчи финалга чиққан. Англия, Аргентина, Бразилия, Испания, Эрон, Шотландия ва Япония терма жамоаларининг ҳар биридан биттадан боксчи финалда жанг қилади.