Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Американинг Anthropic компанияси IPO доирасида акциялар нархини 83 доллар этиб белгилади. Бу дастлабки нарх оралиғидан юқори бўлиб, компания жами 81,3 млрд доллар маблағ жалб қилди.
Акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) жараёнида қарийб 980 млн дона А тоифасидаги акция таклиф этилди. Уларнинг тахминан 956,4 млн донаси компаниянинг ўзи томонидан чиқарилган, яна 23,6 млн дона акция эса компаниянинг етти нафар ҳаммуассиси томонидан сотилган.
Шундай қилиб, Anthropic ўз акцияларини сотиш орқали тахминан 79,4 млрд доллар олди. Компания асосчилари томонидан акцияларни сотишдан тушган маблағ эса умумий сумманинг қолган қисмини ташкил этди. Акцияларни жойлаштириш нархи дастлаб белгиланган 70–78 долларлик оралиқдан юқори бўлди.
Капиталнинг эҳтимолий суюлтирилиши (акциялар сони кўпайиши натижасида мавжуд акциядорлар улушининг камайиши) ҳисобга олинганда, Anthropic компаниясининг бозор қиймати тахминан 1,5 трлн долларга етди. Аввалроқ компания ўз қийматини қарийб 1 трлн доллар даражасида баҳолаган эди.
Компания акцияларига талаб таклиф ҳажмидан сезиларли даражада юқори бўлди. Bloomberg маълумотларига кўра, инвесторлардан келиб тушган буюртмалар сони таклиф этилган акциялар ҳажмидан тахминан олти баравар кўп бўлган. Компания аввалроқ акцияларни тақсимлашда амалдаги инвесторларга устуворлик беришини маълум қилган эди.
IPO ташкилотчиларига қўшимча равишда 147 млн донагача акция сотиб олиш учун 30 кунлик опцион берилди.
Reuters маълумотларига кўра, ушбу IPO жалб қилинган маблағлар ҳажми бўйича тарихдаги энг йирик бирламчи оммавий акциялар жойлаштирилишига айланди ва SpaceX компаниясининг дастлабки 75 млрд долларлик натижасидан ўзиб кетди. Бироқ, қўшимча акциялар жойлаштирилишини ҳисобга олганда, SpaceX дастлаб эълон қилинган суммадан кўпроқ маблағ жалб қилган.
IPOдан ташқари, Anthropic Google, AMD, Microsoft, Nvidia ва бошқа технологик компаниялар иштирокида 26 млрд долларлик хусусий акциялар жойлаштириш бўйича ҳам келишувга эришди. Ушбу битимни ҳам ҳисобга олганда, жалб қилинган капиталнинг умумий ҳажми 107,3 млрд долларга етиши мумкин.
Anthropic акциялари билан ANT тикери остидаги савдолар 19 ноябрь куни Nasdaq биржасида бошланиши керак.