Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлатга қарашли Uzbekistan Airways авиакомпанияси акцияларини бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) 2026 йилдан 2027 йилга кўчирилди. Бу ҳақда «Дунё» АА мухбири Украинанинг Fixygen ахборот порталига таяниб хабар берди.
Дастлаб авиакомпания акцияларининг 15–20 фоизини 2026 йилнинг иккинчи ярмида биржага чиқариш режалаштирилган эди.
Айни пайтда Uzbekistan Airways’нинг фонд бозорига чиқишига тайёргарлик ишлари ҳамда трансформация дастурини амалга ошириш давом этмоқда.
Компания учун 115 та ташаббусни ўз ичига олган соғломлаштириш дастури ишлаб чиқилган.
Улар операцион самарадорликни ошириш, тижорат фаолиятини ривожлантириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган.
Бундан ташқари, дастур корпоратив бошқарувнинг халқаро стандартларини жорий этиш ва инвесторлар билан ўзаро ҳамкорликни такомиллаштиришни ҳам назарда тутади.
Кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш Uzbekistan Airways’нинг потенциал қийматини 1,6 миллиард доллардан 2,3 миллиард долларгача ошириши мумкинлиги кутилмоқда.
Шу билан бирга, компаниянинг якуний капитализацияси инвесторларнинг қизиқиши, унинг молиявий ва операцион кўрсаткичлари, шунингдек, амалга оширилаётган трансформация натижаларига боғлиқ бўлади.
Очиқ маълумотларга кўра, 2025 йилда Uzbekistan Airways’нинг тушуми 18,3 триллион сўмга етган. Бу қарийб 1,5 миллиард долларга тенг. Аввалги йил билан таққослаганда, мазкур кўрсаткич 4,3 фоизга ошган.