Иқтисод

Ўзбекистон ва Грузия аграр ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Грузия аграр ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Грузия аграр ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 19 ноябрь куни Тошкентда Грузия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазири Давид Сонгулашвили билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Учрашувда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўзаро савдосини кенгайтириш, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

2021–2025 йилларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан зиёдга ошиб, 267,6 миллион долларга етди.

Учрашув иштирокчилари мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, маҳсулотларни сақлаш ва қадоқлашнинг замонавий технологияларини жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари иштирокида ўзаро савдо ва бизнес миссияларини ташкил этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.

Бундай тадбирлар корхоналарга тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва янги шартномаларни ишлаб чиқишда ёрдам бериши кўзда тутилган.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.