Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси октябрь ойидаги ФИФА халқаро ойнаси доирасидаги ўртоқлик учрашувида Жанубий Корея Республикаси терма жамоасига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Учрашув 6 октябрь куни Жанубий Кореянинг Ёнъин шаҳридаги Yongin Mireu Stadium стадионида бўлиб ўтди.
Мезбонлар 6-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Жанубий Корея Республикаси терма жамоаси сардори Сон Хин Мин ўзбек жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, терма жамоасини олдинга олиб чиқди.
Танаффусдан сўнг кореяликлар устунликни оширди. 60-дақиқада О Се Хун иккинчи голни киритиб, учрашувнинг якуний ҳисобини — 2:0 ни ўрнатди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси октябрь ойидаги халқаро ойнадаги иштирокини мағлубият билан якунлади.
Жанубий Кореяга қарши учрашувга қадар Фабио Каннаваро шогирдлари мазкур халқаро ойна доирасида иккита ўртоқлик учрашувини ўтказган эди. Ўзбекистон терма жамоаси Эронни 3:1, Сурияни эса 4:1 ҳисобида мағлуб этди.