7
Иқтисод

NEW SILK WAY форумида Ўрта коридорни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

NEW SILK WAY форумида Ўрта коридорни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
NEW SILK WAY форумида Ўрта коридорни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди / Фото: Транспорт вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — NEW SILK WAY халқаро бизнес-форуми иштирокчилари Ўрта коридорни ривожлантириш, юк ташиш самарадорлигини ошириш ва минтақавий транспорт алоқаларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Форум доирасида Транскаспий халқаро транспорт йўналишини (ТХТЙ) ривожлантириш ва унинг транзит салоҳиятини оширишга бағишланган панель сессияси бўлиб ўтди. Муҳокамада Ўзбекистон ва Қозоғистон транспорт идоралари, Жаҳон банки ҳамда бизнес вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон номидан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов қатнашди. Қозоғистон вакили сифатида Транспорт вазирлигининг Темир йўл ва сув транспорти қўмитаси раиси Нуржан Келбуганов иштирок этди. Шунингдек, муҳокамада Жаҳон банкининг Қозоғистон ва Туркманистон бўйича директори Андрей Михнев ҳам қатнашди.

Жаҳон банки томонидан ташкил этилган сессия транспорт-логистика хизматлари сифатини ошириш, чегарадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, халқаро савдога кўмаклашиш ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш масалаларига бағишланди. Иштирокчиларга, шунингдек, Жаҳон банкининг Транскаспий транспорт коридорида савдо логистикасини ривожлантиришга бағишланган ҳисоботи тақдим этилди.

Ташиш жараёнларини рақамлаштириш, электрон ҳужжат айланишини жорий этиш ва темир йўл маъмуриятларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йўналишлар халқаро юк ташиш самарадорлигини ошириш воситалари сифатида қаралмоқда.

Муҳокама иштирокчилари Ўрта коридорни янада ривожлантириш учун нафақат инфратузилмани кенгайтириш, балки ташиш хизматларининг ишончлилиги, мунтазамлиги ва рақобатбардошлигини ҳам ошириш зарурлигини таъкидлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.