Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япония Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида мамлакат газ таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш учун 90 та замонавий газ тақсимлаш пунктини тақдим этади. Ускуналарнинг умумий қиймати 3 млн долларни ташкил этади. Бу ҳақда «Hududgazta’minot» АЖ хабар берди.
Лойиҳа «Hududgazta’minot» АЖ ва Япониянинг ITO Corporation компанияси ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик доирасида амалга оширилмоқда. Япония томони жорий йилда ушбу ускуналарни грант сифатида Ўзбекистонга беғараз тақдим этишни режалаштирмоқда.
Айни пайтда мутахассислар янги газ тақсимлаш пунктларини ўрнатиш режалаштирилаётган ҳудудларни ўрганмоқда. Жумладан, амалдаги газ тармоқларининг техник ҳолати, ускуналарни жойлаштириш имкониятлари ва уларни хавфсиз тарзда ишга тушириш шартлари баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Япония мутахассислари янги ускуналарни ўрнатиш учун зарур бўлган техник талаблар ва тавсияларни келишиб олмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш ҳудудларда газ босимини меъёрлаштириш, газ таъминоти ишончлилигини ошириш ва энергетика ресурсларидан янада самарали фойдаланиш имконини бериши кутилмоқда.
Замонавий газ тақсимлаш пунктларини ўрнатиш истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор ва хавфсиз таъминлаш имкониятларини ҳам кенгайтириши керак.
Лойиҳа Ўзбекистон ва Япониянинг газ таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлигининг бир қисми ҳисобланади.