Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 ноябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Туркиянинг Anadolu Group компанияси фахрий раиси Тунжай Ўзилхан билан учрашув ўтказди.
Томонлар компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув иштирокчилари саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболлари, мамлакатнинг инвестиция салоҳиятидан фойдаланиш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш имкониятларини кўриб чиқди.
Шунингдек, Anadolu Group компаниясининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини мустаҳкамлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, инвестиция ташаббусларини тайёрлаш ва уларни амалда рўёбга чиқариш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олди.