Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва АҚШ озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, лабораторияларни ривожлантириш ва мутахассислар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Қўмита раисининг ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича соғлиқни сақлаш масалалари юзасидан катта маслаҳатчиси Мишель Ланг-Алли ҳамда АҚШ элчихонаси вакиллари билан учрашди.
Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштирилаётган STRIDES — «Юқумли касалликларни аниқлаш тизимларини мустаҳкамлаш» лойиҳасини амалга ошириш бўлди. Учрашув иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятидаги лабораториялар имкониятларини кенгайтириш бўйича эришилган натижалар ва келгуси режаларни кўриб чиқди.
Шунингдек, мутахассисларни халқаро талабларга мувофиқ тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, лабораториялар тармоғининг диагностика имкониятларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
STRIDES лойиҳаси 2024–2029 йилларга мўлжалланган. У инсонлар ва ҳайвонлар саломатлигига таҳдид солувчи юқумли касалликларни эрта аниқлаш, лабораторияларнинг диагностик салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда эпидемиологик назорат тизимларини такомиллаштиришга қаратилган.
Лойиҳани амалга ошириш ишлари FHI 360 халқаро ташкилоти раҳбарлигидаги консорциум томонидан олиб борилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий стратегияси лойиҳаси ҳам алоҳида кўриб чиқилди.
Томонлар ҳужжатни халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўрганиш, илғор хорижий тажрибадан фойдаланиш ва стратегия доирасида янги қўшма лойиҳаларни шакллантиришга келишиб олди.